Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Сун Лисзе билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида икки томонлама “ўзбек-хитой” ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва келажакдаги равнақи муҳокама қилинди. ХХР элчиси қайд этиб ўтганидек, дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бошлаб ўтган 26 йил ичида Ўзбекистон чин маънода Хитойнинг минтақадаги ишончли ва масъулиятли ҳамкорига айланди.
Сун Лисзе айтиб ўтганидек, ХХР раиси Си Сзинпиннинг 2016 йилнинг июн ойида Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи ва «ҳар томонлама стратегик шерикчилик» ўрнатилиши икки томонлама муносабатларнинг янада чуқурлашишини белгилаб берган янги саҳифа бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил май ойида Хитойга қилган биринчи давлат ташрифи "ўзбек-хитой" стратегик ҳамкорлигига кучли ижобий таъсир қилди ва ҳамкорликнинг яқин келажакда янада ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлди.
Ш.М.Мирзиёевнинг «стратегик раҳбарлиги» остида Ўзбекистон Республикаси «Ҳаракатлар стратегиясининг» татбиқ этилиши давомида мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва шу билан биргаликда ташқи сиёсатда ҳам, биринчи ўринда, Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларда улкан муваффақиятларга эришилди, дея қайд этиб ўтади Сун Лисзе.
Суҳбат якунида Сун Лисзе икки томонлама муносабатларнинг ривожланишига қўшаётган ҳиссаси учун СМТИ га самимий миннатдорчилигини билдирди.